Бундан 116 йил олдин Альбанияни 40 йил давомида бошқарган Анвар Хўжа дунёга келганди. Унинг қўл остида Альбания дунёнинг энг ёпиқ ва изоляцияланган давлатига айланди. Анвар Хўжа буткул Сталинча қарашларга эга бўлгани сабаб “Совуқ уруш” даврида “халқлар отаси”нинг ғояларига хиёнат қилган СССР билан ҳам, Хитой билан ҳам алоқаларини узади. Хўжа Альбанияда ўз коммунизмини ривожлантиришга киришади: 1967 йилдан бошлаб мамлакат аҳолисига ҳашаматли буюмлар, шаҳар ташқарисидан уйлар, шахсий автомобиль ва ҳатто магнитофонлар харид қилиш тақиқланади. Политологларнинг таъкидлашича, Хўжанинг радиал ғоялари ва сиёсати Альбанияни ХХ аср охирида бошланган глобал ривожланиш жараёнларида ноқулай аҳволда қолдирган.
1908 йил 16 октябрь куни Усмонлилар империяси тасарруфида бўлган Гирокастра шаҳрида Альбания Халқ Социалистик Республикасини вафотига қадар, яъни 1985 йилгача бошқарган Анвар Хўжа дунёга келади.
Хўжа матолар билан савдо қилувчи мусулмон оилада туғилади, лицейда французчани ўрганади, кейин эса Франциядаги Монпелье университетига ўқишга кириб, у ерда давлат стипендиясини олади. Кейинроқ ёш албан Франция коммунистик партияси аъзосига айланади.
Анвар Хўжа ўша йиллардаёқ Иосиф Сталиннинг фаолиятидан илҳомланар, Альбания коммунистлари унинг ғоялари бўйича иш кўришлари керак деб ҳисобларди. 1938 йилда Франция Коммунистик партияси албан сексияси етакчиларининг топшириғи билан Хўжа СССРга юборилади ва апрель ойида у илк бор Сталин билан учрашади. Мазкур учрашув унинг ҳаётида туб бурилиш ясайди.
Анвар Хўжа фаол фуқаро бўлибгина қолмай, 1939 йилда фашистлар Италияси Альбанияга бостириб кирганида коммунистик ҳаракат етакчиларидан бирига айланади ва Югославия коммунистлари билан ҳамкорликни йўлга қўяди. Босқинчилар қўшини Альбанияни тарк этгач 1944 йилда Анвар Хўжа бош вазир ва бир вақтнинг ўзида ташқи ишлар вазири этиб тайинланади.
1940 йиллар давомида у СССРга бир неча бор ташриф буюриб, Сталин билан учрашувлар ўтказади. Москва Тиранани фаол қўллаб-қувватлар ва Болқон давлатига мутахассисларни (муҳандислар, ўқитувчилар, шифокорлар) юборарди, шунингдек, озиқ-овқат, асбоб-ускуналар, машиналар, дори воситалари ортилган пароходлар ҳам мамлакатга тинмай келиб турарди. Урушдан кейин Альбанияни қайта тиклашга оид беш йиллик режа Совет Иттифоқи Давлат режаси томонидан ишлаб чиқилган эди. 1947 йилда СССРга навбатдаги ташрифи давомида Иосиф Сталин Анвар Хўжани Суворов ордени билан мукофотлайди.
Ўта кетган сталинчи
Югославия коммунистлари маршал Тито қўл остида СССР билан зиддиятга бора бошлагач, 1948 йилда Анвар Хўжа билан билан муносабатларини узади. У Титони Югославия Болқон яриморолидаги бошқа коммунистик давлатлар устидан ҳукмронлик ўрнатишга уринаётганида айблайди. “Титовчиларга” қарши кураш баҳонасида Хўжа 1948 йилдан 1951 йилга қадар ўзининг сиёсий рақиблари орасида кенг кўламли тозалаш ишларини олиб боради.
1953 йилда албан етакчисининг ҳомийси бўлган Иосиф Сталин вафот этади. 1956 йилда эса Москвада Совет Иттифоқи Коммунистик Партиясининг ХХ съезди ўтказилади ва унда советларнинг янги етакчиси Никита Хрушчёв Сталин шахсиятига илк танқидларни билдиради. Тарихчиларининг айтишича, бу СССР ва коммунистик Альбания ўртасидаги муносабатларнинг сезиларли даражага ёмонлашувига олиб келган.
Натижада, Альбания етакчиси ўзининг ички сиёсатига қаттиқ тура бошлайди. У мамлакат ичида албан коммунистларга қарши янги “тозалаш” ишларини бошлайди. Бу эса ўз навбатида Анвар Хўжанинг Альбанияда якка ҳокимлик позициясини янада мустаҳкамлайди.
Хўжа мамлакат қишлоқ хўжалигида саноатлаштириш ва коллективизацияни амалга оширади, шу билан бирга ўз шахсига сиғинишни йўлга қўяди — Альбанияда унинг шарафига корхоналар, кўчалар ва ҳатто тоғ чўққилари номланади. У марксизм-ленинизм ва Иосиф Сталин ғояларига эргашмаган бошқа коммунистик давлатларни кескин танқид қилар, бир вақтнинг ўзида Альбанияда коммунизмни хўжаизмга айлантириб борарди.
Бу эса Тирана ва Москва ўртасидаги қарама-қаршиликни кучайтирди. Никита Хрушчёв 1959 йилда муносабатларни яхшилаш илинжида Альбанияга ташриф буюради, аммо бу ишни уддалай олмайди. СССРда десталинизациянинг янги боғини сифатида Хрушчёв Альбания бош вазирини қонунсизлик ва коммунистлар орасида оммавий репрессияни амалга ошираётганликда айблайди. 1961 йилда Анвар Хўжа Совет Иттифоқи билан дипломатик алоқаларни узади, орадан етти йил ўтгач эса Альбанияни Варшава шартномасидан чиқаради (бу вақтда Тирана бир неча йилдан бери блокнинг саммитлари ва тадбирларига чақирилмай қўйганди).
Буткул изоляция
Альбания СССР билан муносабатлари совуқлашган Хитой билан алоқалар ўрнатишга киришади. Эндиликда албан иқтисодиётини Хитой ёрдамни қўллаб-қувватларди. Аммо 1976 йилда Хитой етакчиси Мао Сзедун вафот этади. Натижада Альбания ва Хитой муносабатлари юқоридаги йўлдан яна бир бор ўтади: Анвар Хўжа “буюк боқувчиси”нинг сиёсий меросхўрларини хоинликда айблайди ва 1978 йилда Пекин билан алоқаларини тўхтатади.
Ғарбга буткул ёпилган ва барча блоклар билан алоқаларини узган Анвар Хўжа Альбанияни бутун дунёдан тўлиқ изоляциялайди. Хўжа мамлакатда атеистик давлат қуриш ҳақидаги режаларини айтганида, агрессив диний кампания бошланади. Ҳокимият мамлакатдаги масжидлар, проваслав ва католиклар черковларини бузишга киришади.
Бундан ташқари, 1970 йиллар бошида Альбанияда Хўжанинг лойиҳаси асосида НАТО, Югославия ёки СССРдан ҳимояланиш мақсадида кенг кўламли мудофаа иншоотлари қурилади. Мамлакат ҳудудида 700 мингдан ортиқ бункер ва ўт очиш нуқталари ташкил этилади.
1980 йиллар бошига келиб Хўжанинг соғлиғи бирдан ёмонлашади, мамлакатнинг юқори доираларида эса навбатдаги тозалаш амалга оширилади. Орадан бир йил ўтгач, Хўжанинг узоқ йиллик шериги ва мамлакатдаги иккинчи шахс — бош вазир Меҳмет Шоҳ номаълум сабабларга кўра вафот этади. У албан етакчисини бир неча бор мамлакатни изоляциядан олиб чиқиб, бошқа давлатлар билан муносабатларини тиклашга чақирган эди.
Расмий версияга кўра, у Югославия фойдасига жосусликда айблангани учун ўз жонига қасд қилган. Аммо айрим манбаларнинг таъкидлашича, у Альбания меҳнат партияси Марказий қўмитаси йиғилишида отиб ташланган.
Анвар Хўжа инфаркт ва инсультни бошидан ўтказса-да, расман Альбания етакчисилигича қолиб келаётганди. У 1985 йил 11 апрелда мияга қон қуйилиши оқибатида вафот этади. Ўлимидан кейин коммунистлар Альбанияни яна беш йил давомида бошқаради.
1990 йил бошида мамлакатда бир партияли тизим бекор қилинади, ҳокимият тепасига келган демократ кучлар эса қайта қуришни бошлаб юборади. Анвар Хўжага атаб ўрнатилган ҳайкаллар бузиб ташланади, Тиранадаги музей эса ёпилади, собиқ етакчининг қолдиқлари Миллат қаҳрамонлари мемориал қабристонидан пойтахт четидаги оддий қабристонга кўчирилади.
Изоҳ (0)