Ўзбекистонда 2024 йилнинг 1-чорагида шаҳвоний шилқимлик қилгани учун 318 киши маъмурий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси билан айбдор деб топилган ушбу шахларнинг 97 нафарига жарима жазоси, 221 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 4 343 киши маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 2 344 нафарига жарима жазоси, 1 999 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси берилган.
Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 134 киши судланиб, уларнинг 51 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 83 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
Жиноят кодексининг 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) билан 40 нафар шахс судланиб, уларнинг 13 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 27 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
Изоҳ (0)