Украина янги қарши ҳужум режасига эга, аммо бунинг учун АҚШдан ҳарбий ёрдам керак. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Германиянинг Axel Springer медиа холдингига берган интервьюсида маълум қилди.
Зеленскийга кўра, замонавий қуроллар ёрдамида Киев муваффақиятга эришиш имкониятига эга.
Шу сабабли маълум технологияларни олмоқчимиз. Агар ишлаб чиқаришни кўпайтиришда давом этсак, шерикларимиздан лицензия олсак, гап одамлар сонида эмас. Гап қуролларнинг сифати ҳақида кетмоқда, — деди у.
Украина раҳбари айни пайтда мамлакат биринчи навбатда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига муҳтожлигини таъкидлади. Зеленский Германия канцлери Олаф Шольцнинг “Taurus” узоқ масофали ракеталарини тақдим этишдан бош тортгани ҳақида гапирар экан, буни “унчалик оддий масала эмас” деб атади.
Тушунишим бўйича, канцлер Германия ядровий давлат эмаслиги ва бу Германиядаги энг кучли қурол тизими эканини айтмоқда, — деди у ва Шольц мамлакатни қуролсиз қолдира олмаслигини айтди.
Зеленский конфликтни “музлатиб қўйиш” эҳтимоли ҳақида гапирар экан, аввалгидек, Россия бундан янги ҳужумлар тайёрлаш учун пауза сифатида фойдаланишини таъкидлаб, бундай сценарийни рад этди.
Эслатиб ўтамиз, Украина кучлари ўтган ёзда қарши ҳужумга ўтишга уринди, бироқ Зеленский декабрда бу Киев кутган натижаларни бермаганини айтди.
Изоҳ (0)