Ўзбекистоннинг Қатардаги элчиси Ашраф Хўжаев Al Jazeera Media Institute директори Иймон Ал-Амири билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари, республика вазирлик ва идоралари матбуот хизматлари ходимлари, шунингдек, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаларининг Al Jazeera Media Institute телеканалининг ўқув дастурлари ва малака ошириш курсларида иштирок этиш имкониятлари муҳокама қилинган.
Al Jazeera Media Institute 2004 йилда профессионал журналистларни тайёрлаш, алоқа ва рақамли медиа технологиялари соҳасида кенг кўламли мутахассисликлар бўйича назарий ва амалий кўникмаларни ўргатиш учун мукаммаллик маркази сифатида ташкил этилган. Бугунги кунда институт жаҳон миқёсидаги етакчи ихтисослаштирилган марказлардан бири ҳисобланади.
Институт директори Ўзбекистонда ахборот соҳасини демократлаштириш, сўз эркинлиги ва ахборотдан фойдаланишни таъминлаш, жамоатчилик назоратини такомиллаштиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан атрофлича таништирилган.
Учрашув якунида Al Jazeera Media Institute делегациясининг Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, “Дунё” агентлиги ҳамда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистонга ташрифни ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил январь ойида Ўзбекистоннинг 200 нафарга яқин давлат хизматчиси Сингапурда малака ошириши тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, 15 нафар академиянинг профессор-ўқитувчилари ва илмий тадқиқотчилари Ли Куан Ю давлат сиёсати мактаби ҳамда Давлат хизмати коллежида малака оширади ва стажировкадан ўтади.
Изоҳ (0)