Сальвадор президенти Найиб Букеле юқори малакали хорижий ишчиларга 5000 та бепул паспорт тақдим этишини маълум қилди. Бу рақам мамлакатдаги паспорт дастури бўйича 5 миллиард долларга тенг. Бу ҳақда Букеле ўзининг Х саҳифасида маълум қилди.
Биз хориждан келган юқори малакали олим, муҳандис, шифокор, рассом ва файласуфларга 5000 та бепул паспорт (паспорт дастуримизда 5 миллиард долларга тенг) таклиф қилмоқдамиз. Бу аҳолимизнинг 0,1 фоиздан камроғини ташкил этади. Шунинг учун уларга тўлиқ фуқаролик мақоми, жумладан, овоз бериш ҳуқуқини тақдим этиш ҳеч қандай муаммо туғдирмайди. Уларнинг сони оз бўлишига қарамай, жамиятимиз ва мамлакатимиз келажагига катта таъсир кўрсатади, — дейди Сальвадор президенти.
Шунингдек, Найиб Букеле хорижлик малакали мутахассисларнинг кўчиб ўтишида мол-мулк солиғи олинмаслигини таъкидлади.
Бундан ташқари, биз уларнинг кўчиб ўтишида, жумладан, оилалари ва мол-мулкини кўчиришда солиқ ва тарифларнинг нолга тенглигини таъминлаймиз. Бу аппарат, дастурий таъминот ва интеллектуал мулк каби тижорат қийматига эга бўлган нарсаларни ўз ичига олади. Батафсил маълумот учун бизни кузатиб боринг, — дея қўшимча қилди президент.
Изоҳ (0)