Покистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимига унинг қизи автоҳалокатга учраганини айтиб, пул сўраган фирибгар ушланди. Бу ҳақда Миллий гвардия ахборот хизмати хабар берди.
Айтилишича, 4 апрель куни соат 16:15 да номаълум аёл Покистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси хавфсизлик постидаги қўриқлаш бош бошқармасининг хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналарини қўриқлаш бўйича алоҳида батальонининг телефон рақамига қўнғироқ қилади. Нотаниш аёл ўзини шифокор деб таништирган ва қуйидагиларни айтган: “Қизингиз йўл-транспорт ҳодисасида жароҳат олди, уни даволаш учун жарроҳлик амалиётини ўтказиш лозим, сиз зудлик билан 20 минг АҚШ доллари топишингиз керак”.
Қўнғироққа жавоб берган қўриқлаш хизмати ходими фирибгарлар қўнғироқ қилаётганини дарҳол англаб, уларни қўлга олиш мақсадида “қизини қутқариш учун” учрашишга ва пул беришга тайёрлигини айтган. Аёл Покистон элчихонаси яқинида учрашув тайинлайди, лекин у пулни олиб кетиш учун ўзи келмаслигини, ўрнига Руслан исмли танишини юборишини айтади.
20 дақиқадан сўнг Руслан хавфсизлик постининг расмий телефон рақамига қўнғироқ қилиб, жароҳатланган қизнинг отасини кутаётганини айтади. Фирибгар учрашув белгиланган жойда ходимлар томонидан қўлга олинади ва Яккасарой тумани ички ишлар бўлимига олиб борилади. Фуқаронинг шахси текширилганда, у аслида Чилонзор туманида яшовчи Самандар исмли 23 ёшли фуқаро экани аниқланади.
Айни пайтда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Қайд этилишича, суриштирув давомида унинг шериги аниқланади, шунингдек, бошқа шу каби жиноятларга алоқадорлиги текширилади.
Изоҳ (0)