Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Агзам Нартаев лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда ССВ хабар берди.
Маълум қилинишича, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи билан вазирлик ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Агзам Нартаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Унинг ўрнига Алишер Темиров Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У 2009 йил Тошкент фармацевтика институтини тамомлаган.
Турли йилларда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси Янги тиббий техника қўмитаси раиси, Дори воситалар, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази бўлим бошлиғи, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори ўринбосари каби масъул лавозимларда ишлаган.
Шунингдек, Алишер Темиров раҳбар кадрларни тайёрлаш дастури доирасида Германия давлатида стажировка ўтган. Унинг бевосита иштироки билан Ўзбекистон Европа ва АҚШ фармокопеяларида кузатувчи мақомини ҳамда Ўзбекистон Давлат фармакопеясини яратишда уларнинг матнларини нусхалаштириш ва уйғунлаштириш ҳуқуқини олган.
У тайинловга қадар, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фармацевтика соҳасини тартибга солиш ва дори воситалари эҳтиёжларини аниқлаш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Изоҳ (0)