Мажбурий ижро бюроси аҳолини фирибгарлардан огоҳ бўлишга чақирди.
Айтилишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда фуқаролар томонидан Мажбурий ижро бюроси Telegram орқали қарзи борлиги ва уни пластик карточкаси орқали тўлаши мумкинлиги ҳақида хабарлар келмоқда. Қарздорлик тўғрисидаги хабарлар қарздорларга фақатгина SMS хабар орқали ҳамда “МИБ” кўринишидаги аккаунтдан юборилади.
Бундан ташқари, бюронинг расмий дастурий воситаларини юклаб олиш мумкин. Ҳар бир қарздорликни бюронинг расмий веб-сайти орқали текшириш имкониятлари мавжуд.
“Огоҳ бўлинг! Шахсий рақамлар, ижтимоий тармоқлар орқали келган қарздорликни бартараф қилиш ҳақида ҳар қандай хабарлар фейк ҳисобланади ва Мажбурий ижро бюроси томонидан юборилмайди. Ҳурматли фуқаролар, шахсий маълумотларингизни сақлаш, киберҳужумларнинг олдини олиш мақсадида ўзингизга тааллуқли бўлган маълумотларни расмий бўлмаган ва шубҳа уйғотувчи платформаларга киритмаслигингизни сўраймиз.
Эслатиб ўтамиз, қарздорлик ҳақидаги ҳар қандай маълумотларни Мажбурий ижро бюросининг “миб.уз” расмий сайти ва Бюрода мурожаатларни электрон қабул қилиш марказининг 1107 қисқа рақами орқали олишингиз мумкин.
Киберфирибгарликка қарши курашишнинг энг самарали йўли албатта бу фуқароларимизнинг ҳуқуқий ёки молиявий саводхонлиги ҳисобланади. Ҳозирда бу каби фирибгарлар ишонувчан ва содда фуқароларимизни чалғитиб, ўз тузоғига туширишга ҳаракат қилишмоқда”, — дейилади бюро хабарида.
Изоҳ (0)