Брюсселда 4 апрель куни бўлиб ўтган Украина—НАТО кенгаши йиғилишида Украина ўз иттифоқчиларидан зудлик билан кўпроқ Patriot тизимлари билан таъминлашни сўради. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг сўзларига кўра, бир қанча аъзо давлатлар Украинага ёрдам беришга ваъда берган. Йиғилиш олдидан НАТО қароргоҳида Шимолий Атлантика иттифоқининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар ўтказилган.
Тадбир давомида сўзга чиққан Украина ташқи ишлар вазири Димитрий Кулеба Patriot тизимларига урғу бериб, улар баллистик ракеталарни тўхтата оладиган ягона тизимлар эканлигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, биргина март ойида Россия Украинага 94 та баллистик ракета учирган. У Украинани Patriot тизимлари билан таъминлаш фақат НАТО иттифоқчиларига боғлиқлигини айтган.
Бир нечта иттифоқчилар қўшимча тизимларни топиш ва юбориш учун яна саъй-ҳаракатларни амалга оширишга ваъда берди. Лекин уларнинг ўзи бу жараённи якунламагунча, мен тафсилотларни очиқламайман, — деди бош котиб.
Столтенберг сўнгги кунларда НАТОга аъзо бир қанча давлатлар янги ташаббуслар ва Украина армиясига ҳарбий ёрдам жўнатишини эълон қилганини таъкидлаган. Германия 155 мм калибрли ўқ-дориларни сотиб олиш бўйича 600 миллион евро ажратишини, Буюк Британия 10 минг дрон, Финляндия 188 миллион евролик қурол юборишга ваъда берган.
Аммо биз қўллаб-қувватлашимизни янада кучлироқ ва узоқ муддатли қилишимиз керак, — дея НАТО бош котиби қўшимча қилган.
Изоҳ (0)