Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов исломда улуғланган Қадр кечаси муносабати билан 356 нафар маҳбусни афв этди. Бу ҳақда “Туркменистан: золотой век” нашри хабар берди.
Афв этиш масаласи президент раислигидаги мажлисда муҳокама қилинган. Президент фармонида жиноят содир этганлиги учун судланган, бироқ қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган фуқаролар ҳам борлиги қайд этилган.
Давлат хавфсизлик кенгаши котиби, Президенти ҳузуридаги фуқаролик ва афв этиш масалалари бўйича комиссия раҳбари Бегенч Гундоғдиевга танланган маҳкумларни озод қилиш ва оилаларига қайтариш бўйича ишларни амалга ошириш топширилди. Шаҳар ва туман ҳокимликлари раҳбарларига афв этилган Туркманистон фуқароларини ишга жойлаштириш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилди.
Мазкур мавзу муҳокамасини сарҳисоб қилар экан, Сердар Бердимуҳамедов тез орада қамоқхонани тарк этувчи фуқароларга виждонан меҳнат қилиб, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларда қатнашиш ҳамда Ватанга сидқидилдан хизмат қилишни тилади.
Туркманистонда маҳбусларни афв этиш акциялари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Сўнгги бир неча йил ичида республиканинг 20 мингдан ортиқ муқаддам судланган фуқаролари озод этилган.
Изоҳ (0)