Туркманистонда грипп сабабли 33 нафар бола вафот этди, уларнинг аксариятида туғма юрак ва нафас олиш йўллари касалликлари бўлган. Бу ҳақда “Хроника Туркменистана” хабар берди.
Энг кўп ҳолатлар 5-7 ёшли болалар орасида қайд этилган. Ҳозирда грипп билан боғлиқ вазият яхшилангани, бунгача касалхоналарда етарли жой бўлмагани айтилмоқда. Шифохоналарнинг реанимация ва терапия бўлимларида пластик ромлардан тўсиқлар ўрнатилиб, гриппга чалинган беморлар жойлаштирилган.
Тиббиёт муассасалари раҳбарлари билан ўтказилган йиғилишларда эпидемия туфайли дори-дармон ва тиббий асбоб-ускуналар тақчиллиги аниқлангани таъкидланган.
“Ўзбекистон дори-дармоннинг катта партиясини ёрдам сифатида юборгани эвазига тақчиллик қопланди”, — дейилади хабарда.
Ҳар бир шифохона бўлимида замонавий реанимация ускуналари билан жиҳозланган 1-2 та хона ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Декабрь ва январь ойининг бошларида Ашхобод ва вилоятларда грипп билан касалланишнинг юқори даражаси кузатилган. Пойтахтдаги шифохоналар гавжум бўлиб, одамларга уй шароитида даволаниш тавсия қилинган. Аммо мазкур йўл инфекциянинг кенг тарқалишига олиб келган.
Изоҳ (0)