Ўзбекистон ва Қатар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши йўналишларида ҳамкорлик қилиши айтилди.
Хабар берилишича, Ўзбекистон элчиси Ашраф Ходжаев Қатар атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши вазири Абдулло Ал-Субаий билан учрашув ўтказди. Мулоқот чоғида чўлланишнинг олдини олиш, сувни тежамкорлик билан ишлатиш, “яшил” иқтисодиёт каби йўналишларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Вазир Абдулло Ал-Субаийнинг айтишича, Қатар сўнгги йилларда мазкур йўналишларга катта эътибор қаратмоқда. Жумладан, мамлакатнинг “2030 йилгача бўлган тараққиёт стратегияси” доирасида “яшил” иқтисодиёт, саҳро шароитида ва ёздаги намлик ҳамда юқори ҳарорат ҳолатида кўкаламзорлаштириш, томчилаб суғориш ва ушбу жараёнларга замонавий технологияларни жалб этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, глобал иқлим ўзгариши оқибатларининг олдини олиш мақсадида ҳамда Париж битимига мувофиқ Қатар 2030 йилгача умумий чиқиндиларни 25 фоизга камайтириш мажбуриятини ўз зиммасига олгани маълум қилинди. Таъкидланишича, сўнгги пайтларда Қатарда “тоза” энергияга сармоя киритиш ва ресурслардан самарали фойдаланишга эришиш учун кўплаб лойиҳа ва ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Ўз навбатида, Қатар томонига Ўзбекистоннинг иқлим кун тартиби соҳасидаги саъй-ҳаракатлари, “яшил” ривожланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш, шунингдек, экологик инқироз натижасида Оролбўйи минтақасидаги ҳалокатли вазият ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учрашув натижасида тажриба алмашиш, Ўзбекистон ва Қатарда ўтказиладиган халқаро тадбирларда ўзаро делегацияларнинг иштирокини таъминлаш каби йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Изоҳ (0)