АҚШ расмийлари Украинани Россиянинг энергетика инфратузилмасига ҳужумларни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда ахборот манбаларига таяниб, Financial Times хабар берди.
Вашингтон Россия нефтни қайта ишлаш заводларига дронлар томонидан берилган зарбалар нефтнинг жаҳон нархлари ошишига олиб келиши, шунингдек, Москва томонидан жавоб чораларини қўзғатиши мумкинлигидан хавотирда.
Нашрга кўра, Америка бу ҳақда Украина Хавфсизлик хизмати ва Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармасини бир неча бор огоҳлантирган. Иккала бўлинма ҳам уруш бошланганидан бери Россиянинг қуруқликдаги, денгиздаги ва ҳаводаги нишонларига зарба бериш учун ўз дрон дастурларини доимий равишда кенгайтирмоқда. Оқ уй Украина дронларининг Россия ғарбидаги нефтни қайта ишлаш заводлари, терминаллари, омборхоналарига қилган ҳужумларидан тобора норози бўлмоқда.
Вашингтон Москванинг давомли ҳужумларга эҳтимолий жавобидан ҳам хавотирда. Оқ уйнинг фикрича, бунинг натижасида Ғарб таянадиган энергетика инфратузилмаси — масалан, Қозоғистон нефти етказиб бериладиган Каспий консорсиум қувури зарар кўриши мумкин.
Украина ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, 2022 йилдан бери Россиянинг йирик нефтни қайта ишлаш заводларига камида 12 та (2024 йилда камида тўққизта), шунингдек, бир нечта терминаллар, омборлар ва омборхоналарга ҳужум қилинган.
Ўтган ҳафтада Киев ўзининг энг йирик ва кенг тарқалган иккита дрон ҳужумини амалга оширди, улар бир неча кун кетма-кет Россиянинг еттита энергетика объектига муваффақиятли ҳужум қилди, — деб ёзади FT.
Украина махсус хизматлари, шунингдек, Қора денгизда Россия ҳарбий кемаларига қарши ҳарбий-денгиз кучларининг дрон ҳужумларини амалга оширмоқда.
Изоҳ (0)