Чехия парламенти Россияни мамлакат хавфсизлиги учун энг катта таҳдид деб эълон қилди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Чехия парламенти “Россия террорчи режими” ҳарбий жиноятлар содир этаётгани, Украина ва бошқа Европа давлатларида ўз таъсир доирасини кенгайтиришга уринаётгани ҳақида резолюция қабул қилди. Шунинг учун, чех парламентарийлари фикрича, Украинага Россия агрессиясидан ҳимоя қилишда ёрдам беришда давом этиш ниҳоятда муҳим.
“Ҳарбий техника етказиб беришни тўхтатиш Украинанинг Россия террорчи режими томонидан босиб олиниши ва вайрон бўлишига олиб келади”, — дейилади резолюцияда.
Бош вазир Петр Фиала бошчилигидаги либерал-консерватив коалициядан 84 нафар депутат резолюцияни ёқлаб овоз берган, 42 нафари бетараф қолган. Қарши овоз берганлар сони 17 тани ташкил қилади.
Илгари Чехия Киевга жанговар танклар, вертолётлар ва бир нечта ракета тизимлари етказиб берган. Ҳозирда Чехия Украинага жўнатиш учун 800 мингга яқин артиллерия снарядларини сотиб олган.
Изоҳ (0)