Илон Маскнинг нейрочиплар ишлаб чиқарувчи Neuralink компанияси ўзининг биринчи бемори Ноланд Арбо чип ёрдамида шахмат ўйнай олганини намойиш қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Тўққиз дақиқалик жонли эфирда Арбо деярли фикр кучи билан экрандаги курсорни ҳаракатга келтириб, шахмат ўйнаган. Беморнинг елкасидан пасти шол бўлиб қолганидан кейин унга январь ойида чип ўрнатилган.
“Операция жуда осон кечган”, — деган бемор эркак.
Арбонинг сўзларига кўра, имплантация қилинган чип ёрдамида у саккиз соат давомида компьютерда Civilizatsion VI ўйинини ўйнай олган. Бироқ у янги технология мукаммал эмаслигини ва тажриба “баъзи муаммолар”сиз бўлмаганини тан олган.
Neuralinkнинг мақсади мураккаб неврологик касалликларни бошқаришда ёрдам бериш учун инсон миясини компьютерлар билан боғлашдир. Компаниянинг танга ўлчамдаги қурилмаси бош суякка ўрнатилади. Микроскопик симлар ёрдамида у нейронларнинг фаоллигини аниқлаб, компьютерга симсиз сигнал орқали маълумотларни узатади.
Компания маймунларда ҳам синовлар ўтказганди, жумладан миясига нейрочип ўрнатилган маймунлар видео ўйини ўйнай олган.
АҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика идораси (FDA) Neuralink компаниясига 2023 йил май ойида нейрочипни одамларда синаб кўришга рухсат берган. Neuralink кўплаб бошқа компаниялар ва университетлар билан биргаликда ушбу технологияни яхшилашга ва охир-оқибат тижоратлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Изоҳ (0)