Япония давлати ғайриоддий конкурслар ва мусобақалар билан машҳур. Масалан, сўнгги йилларда тираннозаврлар пойгаси мамлакатда оммалашиб бормоқда: иштирокчилар пуфланадиган тираннозавр рекс костюмини кийиб, пойгада қатнашади. Сўнгги икки йил ичида Японияда 40 дан ортиқ шундай пойгалар ўтказилди.
Тираннозаврлар пойгаси 2019 йилда АҚШда пайдо бўлган. Вашингтоннинг Оберн шаҳрида ўнлаб одамлар тираннозавр кийимида Emerald Downs пойга йўлагига йиғилган. Ўша кундан бошлаб ижтимоий тармоқларда тренд бўлиб келаётган қувноқ пойга бошқа давлатларда ҳам ўтказила бошланди.
Жумладан, 2023 йил январь ойида Япониянинг Фуцу шаҳрида ана шундай пойга бўлиб ўтди. У ерда 60 нафар иштирокчи ёшга қараб уч тоифага бўлинди. Мусобақада ҳатто болалар ҳам қатнашди.
Ўтган йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган пойгада эса 200 дан ортиқ “тираннозаврлар” жалб этилди. Баъзи иштирокчилар таъкидлашича, бундай югуриш уларга стрессдан халос бўлишга ва кундалик ҳаётдан чалғишга ёрдам беради.
Пойгада қатнашиш учун рўйхатдан ўтиш ва костюм сотиб олиш кифоя. Мусобақа тобора машҳур бўлиб бораётгани туфайли Японияда пуфланадиган тираннозаврлар кийими савдоси кескин ошиб бормоқда.
Изоҳ (0)