Россияда энага унга ташлаб кетилган икки ёшли ўзбекистонлик болани полицияга топшириб юборди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Унга кўра, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро B.Д. 2022 йилда туғилган невараси ҳозирда Россиянинг Люберецкий туманидаги васийлик органида 1 ойдан бери сақланаётгани, бунга сабаб боланинг онаси (B.Д.нинг қизи) З.А. болани энагага қолдиргани ва уни олиб кетмагани учун энага полиция чақирган бўлиб, полиция эса болани васийлик органига топширганини билдирган.
Аёл васийлик органи неварасини ташландиқ бола сифатида расмийлаштириб, унга янгидан исм-фамилия берилганидан хабар топиб, неварасининг Ўзбекистонга қайтарилишида амалий ёрдам сўраган. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда мазкур ҳолат юзасидан комплекс ўрганиш ишлари бошланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, вояга етмаган бола ҳеч бир ҳужжатларсиз вақтинчалик парвариш қилиш марказига олиб кетилган бўлиб, шу туфайли Россия томони боланинг онаси билан муносабатларини тасдиқлаш учун ДНК тестини тайинлаш орқали судда боланинг шахсини аниқлаш кераклиги маълум қилинган.
Ҳозирда боланинг бувиси фуқаро B.Д. ташаббуси билан фуқаро қизи билан оилавий муносабатларни расмий тасдиқлаш учун Россияда тегишли тартибда судга ариза берган. Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан фуқаро B.Д.нинг вояга етмаган набираси З.Н.ни унинг васийлигига ўтказиш учун зарур ҳужжатлар Россиянинг васийлик ва ҳомийлик органларига юборилди.
Изоҳ (0)