Қашқадарёда қўлбола усулда алкогол маҳсулотлари ишлаб чиқараётган яширин цех фош этилди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Унга кўра, ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Деҳқонобод туман бўлими, ИИБ ва божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Фуқаро Б.У. ўз уйидан 6 000 дона “Шаҳрисабз” номли қўлбола усулда тайёрланган алкогол маҳсулотини Isuzu русумли юк автомашинасида Навоий вилоятида ўтказиш учун олиб кетаётган вақтида ЙПХ масканида тўхтатиб қолинган.
Ушбу маҳсулотларнинг манбасини аниқлаш мақсадида давом этган тадбирда, Шаҳрисабз шаҳри “Кунчиқар” МФЙ ҳудудидаги хонадонда яшовчи О.Ш. ўз уйида қўлбола алкогол маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи яширин цех ташкил этгани фош этилиб, ушбу яширин цехдан жами 2 568 дона “Шаҳрисабз” ва “Русская” номли қўлбола алкогол маҳсулоти, 1 796 дона қалбаки акциз марка, 920 литр спирт, 6 500 дона ёрлиқ ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган товар моддий бойликлари ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, О.Ш. яширин ишлаб чиқариш фаолияти давомида орттирган даромадлари ҳисобидан Nexia-3, Damas ва Lacetti русумли автотранспорт воситаларини харид қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш), 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)