Бизнес-омбудсман Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги мактабгача таълим бўлими ходимларининг ҳаракатларидан норози бўлиб мурожаат йўллаган тадбиркорнинг муаммоларини ҳал этиб берди.
Аниқланишича, тадбиркор шартнома асосида 2023 йилнинг сентябрь ойидан декабрь ойига қадар 4 ой давомида аутсорсинг усулида овқатлантириш хизмати кўрсатиб келган. Бироқ кўрсатилган хизмат учун юзага келган 886,5 миллион сўм қарздорликни тўлаш пайсалга солиниб, тўловни қилиш ўрнига тадбиркорга нисбатан турли хил текширувлар амалга ошириш ҳолатлари кузатилган.
Ўз ўрнида бу ҳолат тадбиркорнинг фаолиятига салбий таъсир ўтказиб, маҳсулотлар етишмовчилиги, иш ҳақи, солиқ ва бошқа бир қанча тўловларни амалга оширишда қийинчиликларни юзага келтирган, — дейилади хабарда.
Бизнес-омбудсман аралашуви билан тадбиркорнинг муаммоси ижобий ҳал қилинган ва мавжуд қарздорлик тадбиркорга тўлаб берилган.
Аввалроқ бизнес-омбудсман аралашуви билан Наманган вилоятининг Косонсой туманида тадбиркор мурожаатини ўз вақтида кўриб чиқмаган “Ҳудудгаз Наманган” корхонаси вакили жавобгарликка тортилганди.
Изоҳ (0)