“Лукойл” компанияси вице-президенти ва авиамоделлаштириш бўйича чемпион Виталий Робертус 54 ёшида вафот этди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди. Бу охирги икки йил ичида корпорациядаги топ менежернинг тўртинчи ўлимидир.
“У бизнинг хотирамизда иқтидорли раҳбар, кўп қиррали шахс бўлиб қолади”, — дейилади “Лукойл” сайтидаги пресс-релизда.
Компания топ-менежернинг ўлими сабаблари ва шароитларини ошкор қилмаган. Робертуснинг карьераси фақат “Лукойл” билан боғлиқ. У Москва авиация институтида ўқигандан сўнг дарҳол корпорацияда фаолиятини бошлаган. Робертус компанияда иқтисодчи сифатида ишлаган ва 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида компаниянинг менежери ва вице-президенти лавозимига кўтарилган.
Бундан ташқари, у авимоделлаштириш спортчиси эди. У бир неча бор авиамоделлаштириш бўйича Россия ва жаҳон чемпиони бўлган. Робертус шунингдек, юздан ортиқ дронларни лойиҳалаштириб, синовдан ўтказган.
“Лукойл”нинг топ-менежерлари ўлими
Виталий Робертус сўнгги икки йил ичида вафот этган “Лукойл”нинг тўртинчи топ-менежеридир. 2023 йил октябрь ойи охирида компания директорлар кенгаши раиси Владимир Некрасов вафот этган, у 66 ёшда эди. Шифокорлар хулосасига кўра, унинг ўлимига ўткир юрак етишмовчилиги сабаб бўлган. База Telegram канали ўлимидан бир неча кун олдин эркак спиртли ичимликларни истеъмол қила бошлагани ҳақида хабар берган.
Владимир Некрасов 2022 йилнинг кузида “Лукойл” директорлар кенгашининг аввалги раҳбари Равил Маганов вафотидан кейин директорлар кенгаши раҳбари этиб сайланган эди. 2022 йил 1 сентябрь куни 67 ёшли Маганов Москвадаги Марказий клиник шифохонадаги деразадан қулаши натижасида вафот этган. “Лукойл” матбуот хизмати ўлимга “оғир касаллик” сабаб бўлганини айтган.
2022 йил май ойида 44 ёшида “Лукойл” бошқарувининг собиқ аъзоси Александр Субботин вафот этди. У Москвадаги уйнинг ертўласида ўлик ҳолда топилган. Ўлимнинг расмий сабаби ўткир юрак етишмовчилиги сифатида кўрсатилган.
Изоҳ (0)