Қирғизистон шаҳарларида давлат крематорийларини қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Жокоргу Кенеш депутати Марлен Маматалиевга таяниб, Sputnik хабар берди.
Депутат крематорийлар ҳақидаги банд яқинда қабул қилинган “Дафн этиш ва дафн маросими билан боғлиқ иш тўғрисида”ги қонунда борлигини айтди. Маматалиев қонун лойиҳаси ташаббускорларидан биридир.
“Одамлар ўлганида уларни кремация қилиш керак, деган фикрда бўлганлар бор. Янги қонун крематорийлар қуришни назарда тутади. Уларда нафақат одамларнинг жасади, балки маълум касалликларга чалинган ўлик ҳайвонлар ҳам ёқилади”, — дейди депутат.
Унинг сўзларига кўра, крематорийлар давлат ҳисобидан ва фақат шаҳарларда қурилади, аммо аниқ сони ҳозирча номаълум.
“Олти ой муддатда қўшимча меъёрий-ҳуқуқий актлар қабул қилинади. Кремация амалиётининг ўзи муайян текширувдан ўтади. Крематорийлар иши давлат органлари томонидан назорат қилинади”, — деди у.
Изоҳ (0)