Италиянинг Бусто-Арсицио шаҳрида бокс бўйича 1-жаҳон лицензион мусобақаси ўз якунига етди.
Унда қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, Париж—2024 ёзги Олимпия ўйинларига 5 та йўлланмани қўлга киритди.
Қайд этиш жоиз, мусобақа давомида 113 мамлакатдан фақатгина Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари 5 тадан йўлланмага эга бўлди. Мезбонлар 4 та, Польша жамоаси 3 та лицензияни нақд қилган бўлса, яна бир қатор мамлакатлар 2 ва 1 тадан (ҳатто, Кубада ҳам 1 та) йўлланма билан уйга қайтадиган бўлди.
Умумий ҳисобда Австралия бокс баҳслари учун энг кўп йўлланма соҳиби бўлиб турибди. “Яшил қитъа” вакилларининг 12 нафар (6 эркак ва 6 аёл) аъзоси Париж—2024 иштирокчисига айланган. Бироқ жамоа рақобат деярли йўқ бўлган Океания минтақаси учун ташкил этилган мусобақада лицензияларга эга чиққанини инобатга олиш керак. Қолган етакчи жамоалар ҳисобидаги йўлланмалар қуйидагича:
- Бразилия – 10
- Ўзбекистон – 9
- Франция, Италия – 8
- Туркия, Қозоғистон, Хитой – 7
1-жаҳон лицензион турниридаги муваффақиятсизлик ҳозирда Куба жамоаси инқирозни бошдан ўтказаётганини яна бир карра кўрсатди. Нақд 41 та Олимпия ўйинлари чемпионларини етиштириб берган ушбу жамоа ҳисобида Париж—2024 Ўйинларига ҳозирча 4 та лицензия бор, холос.
Қайд этиш жоиз, Италиядаги турнирдан сўнг эркаклар жамоасидаги йўлланмалар тўлиқ бўлди – 7 та. Бу борада яна бир аҳамиятли томони шундаки, ҳали ҳеч бир жамоа эркаклар ўртасидаги барча вазн тоифаларида режани тўлиқ бажармади. Қизлар ҳисобида ҳозирча 2 та йўлланма мавжуд. 23 май – 3 июнь кунлари Таиландда ўтадиган 2-жаҳон лицензион турнирида 4 нафар ўзбекистонлик боксчи қизлар иштирок этади.
Якунда Ханчжоу—2022 ёзги Осиё ўйинлари ва Италиядаги турнир орқали Париж—2024 лицензияларини нақд қилган ўзбекистонлик боксчиларни эслатиб ўтамиз:
- -51 кг: Ҳасанбой Дўстматов
- -57 кг: Абдумалик Ҳалоков
- -63.5 кг: Руслан Абдуллаев
- -71 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев
- -80 кг: Тўрабек Ҳабибуллаев
- -92 кг: Лазизбек Мулложонов
- +92 кг: Баҳодир Жалолов
- -50 кг: Сабина Бобоқулова
- -54 кг: Нигина Ўктамова
Изоҳ (0)