Фаластиннинг ҲАМАС қаршилик ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания маълум қилишича, сионистик режимнинг Ғазодаги фитналари муваффақиятсизликка учраган. Мамлакат эртами кечми улкан жиноятлари учун бадал тўлашига тўғри келади. Бу ҳақда IRNA нашри хабар берди.
Фаластин раҳбарига кўра, 7 октябрь воқеалари унутилган Фаластин муаммосини яна жаҳон афкор оммаси диққат марказига қайтарган. Ҳозиргидаги каби босқинчиликлар аслида олдин ҳам Фаластинга нисбатан кўп бора содир этилган.
ҲАМАС раҳбари, шунингдек, Ғазо масаласида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эриша олмагани учун Исроил режимини айблаб, бу ҳаракат Исроил тажовузини тўлиқ тўхтатиши ва кучларини Ғазодан олиб чиқиб кетишдан бошқа ҳеч нарса билан якунланмаслигини яна бир бор таъкидлаган.
“Музокаралар давомида биз бешта тамойилни белгилаб олдик, улар орасида кенг қамровли сулҳ, урушни тугатиш, кучларни Ғазодан тўлиқ олиб чиқиб кетиш, кўчирилганларни қайтариш ва Ғазо халқига гуманитар ёрдам етказиш борасидаги келишувлар бор”, — деган ҳаракат расмийси.
Ҳания, шунингдек, Ғазо секторини икки қисмга бўлишга қаратилган ҳар қандай фитнани қоралаб, фаластинликлар ўн минглаб яқинларини йўқотган бўлса-да, мақсадларидан воз кечмаса, душман бундай фитнага эриша олмаслигини таъкидлади.
Изоҳ (0)