Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида мактаб директори икки боланинг бошини бир-бирига уриштириб, танбеҳ бергани акс этган видео тарқалганди. Ҳолат юзасидан расмий маълумот берилди.
Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизматининг билдиришича, ҳолат 2023 йилнинг 13 январида Яккабоғ туманидаги 80-мактабда содир бўлган. 2018 йилдан буён ушбу мактаб директори лавозимида ишлаб келаётган Т.А. 6-синф (ҳозирда 7-синф) ўқувчилари Қ.А. ва Т.Э. синф парталарини синдиришга урингани учун уларни уриб, танбеҳ берган. Бу муҳокамада директор хонасида кадрлар менежери ва бошланғич синф ўқитувчилари ҳам бўлган.
“Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ўқувчиларнинг калтакланиши, мажбурий таъсир ўтказиш ҳолатини қўллаб-қувватламайди. Ўз лавозимига беписандлик билан қараган мактаб директори, ушбу жараёнга алоқадор барча педагогларга амалдаги қонунчиликка кўра жазо чораси қўлланишини маълум қилади”, — дейилади хабарда.
Айни пайтда ушбу мактаб фаолияти алоҳида тартибда меҳнат қонунчилигига асосан ўрганилмоқда. Ҳолат Яккабоғ туман ИИБ масъул ходимлари назоратига ҳам олинган.
Мазкур видеодаги ҳолат бўйича Болалар омбудсмани ҳам муносабат билдирди. Унда айтилишича, мактаб директори икки ўқувчини синф партасини синдириб, шовқин солиб юргани важи билан шундай номақбул тарзда тарбиялашга уринган.
Мактаб директорининг мазкур ҳаракатлари юзасидан Яккабоғ тумани ИИБ томонидан 9 мартдан бошлаб терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан ўз кузатувини давом эттиришини қўшимча қилди.
Изоҳ (0)