Тошкентда эркак кечаси яланғоч ҳолда юргани акс этган видео тарқалиб турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Пойтахт ИИББ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Унга кўра, 10 март кунига ўтар кечаси тахминан соат 02:00 ларда 1977 йилда туғилган А.А. Чилонзор тумани 16-мавзеда маст ҳолатда бўла туриб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан бузиб, яланғоч ҳолатда юрган.
Ушбу шахсга нисбатан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (майда безорилик) ва 194-моддалари (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича туман судига тақдим этилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Шу каби ҳолат 2023 йилнинг ёзида ҳам кузатилганди. Тошкентнинг Юнусобод туманида 31 ёшли эркак қўлида гулдаста билан яланғоч ҳолда кўча айланган. Руҳий-асаб касалликлар гуруҳи шифокори томонидан кўрикдан ўтказилганида унинг руҳиятида бузилиш аниқлангани сабаб, фуқаро шаҳар руҳий-асаб касалликлар шифохонасига юборилганди.
Изоҳ (0)