Тошкент вилоятидаги чегара божхона постида заргарлик буюмларини яширинча олиб ўтишга уринган фуқаро тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонга ўтиш учун “Ғишткўприк” чегара божхона постига пиёда ҳолда кириб келган фуқаро ўз ҳаракатлари билан божхона ходимларида шубҳа уйғотгани сабабли икки нафар холис иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилган.
Натижада, фуқаронинг бел қисми орқа томони шимининг ичига божхона назоратидан яширилган, қора рангли махсус ўрамда, қиймати 82 миллион сўмлик, вазни 110,97 грамм заргарлик буюмлари борлиги аниқланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Амалдаги тартибларга мувофиқ, жисмоний шахслар божхона чегараси орқали божхона тўловларисиз, йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда умумий оғирлиги 65 граммдан кўп бўлмаган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмларини олиб киришлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил апрель ўрталарида Ҳиндистонда Индира Ганди аэропортидан 3,2 килограмм олтинни ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлган ўзбекистонлик эркак ушланган эди. Ўзбекистон фуқароси Дубай рейсини амалга ошириш учун Чандигарҳ аэропортига қочиб кетган пайти қўлга тушган.
Изоҳ (0)