Енгил вазн тоифасида UFC собиқ чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов UFC 300 да жанг қилиш учун таклиф бўлганини айтиб ўтди.
UFC’нинг юбилей рақамли турнири Лас Вегасда 13 апрель куни бўлиб ўтади. UFC 300 турнирининг асосий жанги Алекс Перейра ҳамда Жамал Ҳилл ўртасида кечади.
“Улар Алига (Ҳабибнинг менежери) қўнғироқ қилганидан хабарим бор, лекин мен унга бир йил олдин жанг борасида қўнғироқлар бўлса, рад жавобини беришини айтганман.
Орамизда келишув бор: шахсан менга бу масалада ҳеч ким алоқага чиқмайди. Бироқ, Али UFC’даги одамлар билан гаплашганини биламан.
Барчаси 2020 йил октябрь ойида ҳал бўлган. Ўшанда мен фаолиятимни тугатганимни эълон қилганман. Энди қайтиш ҳақида ҳеч қанақа гап-сўз бўлиши мумкин эмас.
Гетжига қарши жанг мен учун энг сўнггиси эди”, — дейди Ҳабиб.
Эслатиб ўтамиз, Ҳабиб Нурмагомедов 2020 йилнинг 24-октябрида UFC 254 мусобақасида октагондаги охирги жангини ўтказган. Ушбу мусобақадаги жанг орқали Ҳабиб кетма-кет учинчи бор чемпионлик камарини ҳимоя қилган. Унга Жастин Гетжи рақиблик қилганди. Нурмагомедов Гетжини буғиш усули билан муддатидан олдин мағлуб этган. Бу доғистонлик жангчининг 29-ғалабаси эди.
Изоҳ (0)