Хоразм вилоятида чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик ривожлантирилади.
Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари юзасидан йиғилишда шу масалага тўхталиб ўтди. Президент хонадонларда чорва наслини яхшилаш, сутни қайта ишлаш, парранда гўшти ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни кўпайтириш муҳимлигини қайд этди.
Жумладан, гўшт йўналишида ҳар бири 200 минг бош паррандага мўлжалланган 5 та саноатлашган йирик паррандачилик корхонаси Боғот, Гурлан, Ҳазорасп, Хонқа, Шовотда ишга туширилади.
Вилоятдаги сунъий сув ҳавзаларининг атиги 10 фоизида балиқ интенсив усулда боқилиши қайд этилиб, эндиликда интенсив усулда балиқ етиштирган тадбиркорлар ер ва айланма солиғининг 50 фоизини тўлаши, сув солиғи ва тўловидан озод этилиши белгиланди.
Йиғилишда замонавий илмий ёндашув, янги нав йўқлиги, сув сарфи эса юқорилиги сабаб шоличилик бўйича ёндашувларни ўзгартириш вақти келгани ҳам қайд этилди.
Янги ҳосилдор шоли навлари олиб келиниб, Хоразм шароитида синаш муҳимлиги таъкидланди. Кореялик ҳамкор билан шоли уруғчилиги корхонаси ташкил этилади.
Шоличиликда сув тежовчи технология жорий қилиш учун субсидия бериш ва кластерларга шоли хариди учун имтиёзли кредит ажратиш йўлга қўйилади.
Изоҳ (0)