Германия ҳарбий-денгиз кучларининг Hessen фрегати 27 февраль, сешанба куни Ямандаги ҳусийлар билан илк тўқнашувида иккита ҳаво нишонини муваффақиятли уриб туширди ва уларнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумини қайтарди, дея ахборот манбаларига таяниб, Deutsche Welle хабар берди.
24 февраль куни Германия Бундестаги Бундесверга савдо кемаларини ҳусийлар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун Европа Иттифоқининг Aspides миссиясида иштирок этиш мандатини тақдим этган эди. Бортида 240 аскар бўлган Hessen фрегати расмий мандат берилганидан сўнг дарҳол ишга киришган.
Германия мудофаа вазири Борис Писториуснинг таъкидлашича, бу миссия Бундесвер учун ўн йилликлардаги энг хавфли миссиялардан бири бўлади.
“Бироқ бу денгизда ҳаракатланиш эркинлигини таъминлаш учун зарур ва минтақа барқарорлигига ҳисса қўшади”, — дея қўшимча қилган сиёсатчи.
Ўз навбатида, Германия ҳарбий-денгиз кучлари ракеталар, дронлар ва камикадзе-қайиқлари ҳужумларини қайтаришга тайёрланаётганини маълум қилган.
Изоҳ (0)