19 февраль куни Россиянинг Франциядаги элчиси, 20 февраль куни Польшадаги рус элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган. Франция ва Польша ҳукуматлари Россия элчиларидан Навалний ўлими бўйича тушунтириш сўраган. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Хабарда айтилишича, Франция Ташқи ишлар вазирлиги Навалнийнинг ўлими тафсилотларини “мустақил ва ҳар томонлама текшириш”га чақирган. Шунингдек, Париждаги идора “Россиядаги барча сиёсий маҳбусларни зудлик билан ва сўзсиз озод қилишга” чақирган.
Польша Ташқи ишлар вазирлиги эса Россия ҳукуматини Навалнийнинг ўлими учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга ва “тўлиқ ва ошкора тергов” ўтказишга чақирган.
Навалнийнинг ўлими муносабати билан яна бир қанча давлатлар, жумладан, Испания, Швеция, Буюк Британия ва Германия ҳам Россиянинг ўз мамлакатларидаги элчисини чақиртирган. Россиянинг БМТдаги элчиси Василий Небензя Ғарб давлатларини Навалний ўлимини сиёсийлаштирганликда айблаган ва ўлим сабабларини текшириш “ҳали якунига етмаганини” айтган.
Изоҳ (0)