Россиялик сиёсий танқидчи Алексей Навальнийнинг онаси Людмила Навальная тўғридан тўғри Россия президенти Владимир Путинга видеомурожаат йўллаб, ўғлини сўнгги бора унга кўрсатишларини сўради. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.
“Орқамдаги ИК-3 ‘Қутб бўриси’ колонияси. Бу ерда 16 февраль куни ўғлим Алексей Навальний вафот этган. Беш кундан бери уни кўра олмаяпман. Унинг жасадини ҳам менга беришмоқчи эмас. Улар ҳатто ўғлимнинг жасади қаерда эканлигини ҳам айтишмаяпти”, — деган Людмила Навальная ўғли вафот этган Сибирдаги колония ташқарисида туриб.
“Мен сизга мурожаат қиляпман, Владимир Путин. Муаммонинг ечими фақат сизга боғлиқ. Ўғлимни сўнгги марта кўришга рухсат беринг. Мен Алексейнинг жасади зудлик билан топширилишини талаб қиламан, шундагина биз уни иззат-икром билан дафн этишимиз мумкин бўлади”, — дея нутқини якунлаган Навальная.
Маълумот ўрнида, Россия раҳбари Владимир Путиннинг мухолифи Алехсей Навальний 16 февраль куни жазони ижро этиш колониясида вафот этгани маълум қилинган эди. Унинг ўлими сабаби номаълумлигича қолмоқда. Навальний матбуот котиби 19 февраль куни марҳумнинг жасади камида 14 кун давомида оиласига топширилмаслиги мумкинлигини айтган эди.
Изоҳ (0)