“Қонунларнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ролини ҳамда норма ижодкорлиги жараёни сифатини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди, деб хабар беради Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” канали.
Қарорга кўра, 2024 йил 1 мартдан:
- қонун лойиҳасидаги ҳаволаки нормаларни амалга оширишнинг аниқ муддатлари ва масъул ижрочилари лойиҳанинг ўзида мажбурий тартибда белгиланади;
- тегишли соҳани тартибга солувчи қонун лойиҳасини тайёрлашда ушбу соҳадаги қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган муносабатларни қонун даражасига кўтариш имкониятини муҳокама қилиш шартлиги белгиланади ва бу ҳақда қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида кўрсатилади;
- қонун кучга кирган кундан бошлаб 5 йил ўтиб, масъул давлат органи ва Олий Мажлис палаталарининг қўмиталари томонидан қонуннинг самарадорлигини, мақсади ва кутилган натижаларига эришилганлигини аниқлаш учун унинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш амалиёти жорий этилади.
Шунингдек, энг муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишдан олдин уларнинг тайёрланиши ҳақидаги ахборот норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилади ҳамда дастлаб жамоатчиликнинг таклиф ва тавсиялари олиниб, улар асосида тегишли лойиҳалар ишлаб чиқилади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни кучини йўқотган деб топиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилганда, унинг асосида қабул қилинган қуйи турувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хатловдан ўтказилиб, уларни ҳам ўз кучини йўқотган деб топиш масаласи кўриб чиқилади.
Аввалроқ Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганди.
Изоҳ (0)