Хитойлик эркак хотираси билан боғлиқ муаммо туфайли шифокорларга мурожаат қилди. Кўрик давомида унинг мия артериясида игна борлиги аниқланди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.
Сичуан провинциясида яшовчи 74 ёшли эркак хотирасидаги муаммолар туфайли шифокорга борган. Унинг миясидаги артерияга жуда кичик игна тиқилиб қолгани ва бу хотира пасайишига сабаб бўлаётгани аниқланган. Эркак 20 йил аввал мигрен туфайли игна муолажаларини олгани маълум бўлган.
Шифокорлар фикрича, ўша пайтда игна кўз орқасидаги артерияга кирган бўлиши мумкин. Игнани олиб ташлаш учун бемор бош суягининг бир қисми кесилган. Уни олиб ташлашда жарроҳлик микроскопи керак бўлган. Игна билан шикастланган томир кичик металл қисқич ёрдамида ёпилган.
Операциядан ўн кун ўтгач, эркак сунъий нафас олиш аппаратидан узилган ва тузала бошлаган. Бироқ умумий анестезия пайтида беморда ўлимга олиб келадиган ўпка инфекцияси ривожланган. Натижада эркак операциядан кейин фақат уч ҳафта яшаган.
Шифокорлар эркакка ички псевдоаневризма ташхисини қўйган, бунда қон миядаги томирдан оқиб чиқади, лекин унинг атрофидаги тўқималар томонидан ушлаб қолинади. Олимлар фикрича, бу тиббий адабиётларда тасвирланган акупунктур игнаси (тиббий муолажада ишлатиладиган игна) сабаб бўлган псевдоаневризманинг биринчи ҳолатидир.
Изоҳ (0)