Қозоғистоннинг Ақмўла вилоятида йўлда қолиб кетган 64 нафар ўзбекистонлик йўловчи эвакуация қилинди, деб хабар бермоқда Kazinform. Уларнинг 17 нафари болалар.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар департаменти матбуот хизмати хабарига кўра, 15 февраль куни Остона—Челябинск йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи автобуси Жақси—Есил—Бузилиқ йўлидаги Жақси қишлоғи яқинида бузилиб қолган.
Жақси тумани қутқарувчилари зудлик билан чақирув жойига етиб борган. Улар бузилган автобусда бўлган 64 нафар йўловчини Жақси қишлоғидаги мактабда жойлашган исиниш жойига олиб борган. Қайд этилишича, йўловчилар тиббий ёрдамга муҳтож бўлмаган.
Сўнгги кунларда Қозоғистон ҳудудларида об-ҳавонинг кескин совиши натижасида йўлларда ҳаракатланиш билан боғлиқ қатор ноқулайликлар юзага келмоқда. Шу муносабат билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан зарурат бўлмаганда узоқ масофали йўлларда ҳаракатланмасликни сўради.
Изоҳ (0)