Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида носозлик туфайли тўхтаб қолган автобусдан 55 нафар ўзбекистонлик эвакуация қилинди. Бу ҳақда мамлакат ФВВ хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент—Қозон йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи автобуси 13 январь куни Қозоғистонда республика аҳамиятига молик Самара—Чимкент автомобиль йўлининг 965-километрида тўхтаган.
Техник носоз автобусда бўлган 55 нафар Ўзбекистон фуқароси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси кучлари томонидан Қорабутак қишлоғидаги масжидга эвакуация қилинган. Улар тиббий ёрдамга муҳтож бўлмаган.
“Об-ҳаво ўзгаришини кузатиб боришингизни ва об-ҳаво шароити ёмонлашса ва йўлларда транспорт воситалари ҳаракатига чекловлар жорий этилса, йўлга чиқмасликни қатъий тавсия қиламиз. Автотранспорт воситаларининг техник ҳолатини кузатиб боринг”, — дея огоҳликка чақирилган хабарда.
Бундан бир неча кун аввал Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Қозоғистонда бўлиб турган ва транзит йўналишида ҳаракатланаётган Ўзбекистон фуқароларига огоҳлантириш билан чиқиб, йўлларда ҳаракатланишда барча хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни, хавфсиз транспорт воситаларидан фойдаланишни, зарурат бўлмаганда узоқ масофали йўлларда транспорт воситаларида ҳаракатланмасликни сўраганди.
Изоҳ (0)