Тошкент вилояти Чиноз туманида ўқитувчи 7-синф ўқувчисининг бошини деворга бир неча бор уриб, жароҳат етказди. Болалар омбудсмани ҳолатга муносабат билдирди.
Хабар берилишича, 15 февраль куни болалар омбудсмани котибиятига ижтимоий тармоқ орқали мактаб ўқувчиси ўз ўқитувчиси томонидан калтакланиб, шифохонада ётгани акс этган видео келиб тушган. Ҳолат болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган.
Аниқланишича, 11 февраль куни Тошкент вилояти Чиноз туманидаги 1-мактаб ўқитувчиси А.С. 7-синф ўқувчиси, 2010 йилда туғилган М.С.нинг бошини деворга бир неча бор қаттиқ уриб, унга жароҳат етказган. Бунинг натижасида бола бош қисми соҳасидаги жароҳатлар билан шифохонага жойлаштирилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чиноз тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисмига (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) асосан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)