Ўзбекистонда мактабларидаги инспектор-психологлар штати ИИВдан Миллий гвардия тизимига ўтказилиши ҳақида хабар берилганди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собированинг маълум қилишича, шундан сўнг педагоглар фаолияти бошқа ташкилотлар томонидан назорат қилинади, деган мазмунда асоссиз хабарлар тарқалди.
“Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида фаолият олиб бораётган ҳурматли педагоглар, мактаб директорлари ва соҳа масъуллари! Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги мактаб ўқитувчилари ва ходимларининг ишга келиб-кетиши ёки бошқа меҳнат мажбуриятларига амал қилиш жараёнлари вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тартибга солинади. Педагоглар фаолияти бошқа ташкилотлар томонидан назорат қилинади, деган мазмунда тарқатилаётган хабарлар асоссиз эканини маълум қиламиз”, — дейди вазирлик ахборот хизмати раҳбари.
Мактаблардаги инспектор-психологлар штати ИИВдан Миллий гвардия тизимига ўтказилиши 5 февраль куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда эълон қилинди.
Дилфуза Собирова шу муносабат билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Миллий гвардия масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари Ўзбекистондаги қатор умумтаълим муассасаларида ўқувчиларнинг дарслардаги иштирокини таъминлаш, уларнинг таълим-тарбиясини ота-оналар ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда ташкил этиш бўйича ўрганиш ишлари олиб бораётганини қайд этди.
Шунингдек, ёлғон ва асоссиз мазмундаги хабарларни тарқатганлик учун мамлакат қонунчилигига мувофиқ тегишли жазо чоралари қўлланишини эслатиб ўтди.
Изоҳ (0)