Осиё тараққиёт банки иштирокида “Оролбўйи ҳавзасида сув ресурсларини иқлим ўзгаришига мослашган ҳолда бошқариш” лойиҳаси доирасида 2023—2026 йилларда каналнинг 25,1 км қисмини бетонлаш режалаштирилган. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ушбу каналда олиб борилаётган реконструкция ишлари билан танишган. Экин майдонлардаги суғориш тадбирларини кечиктирмаслик мақсадида, қисқа муддатда фойдаланувчилар билан келишилган ҳолда каналдан сув бериш графигини ишлаб чиқиш ҳамда бетонлаш ишларини сифатли амалга ошириш топшириғи берилган.
“Боботоғ” канали орқали Жарқўрғон ва Қумқўрғон туманида етиштирилаётган 5 908 гектар ғалла майдони суғорилади.
Ҳоким туманларга ташрифи давомида 2024 йил ҳосили учун ғалла ва асосий турдаги озиқ-овқат экинларини етиштириш ишлари билан ҳам танишган. Об-ҳавонинг нисбатан илиқлиги майсаларга турли касалликлар тушишига сабаб бўлишини инобатга олиб, профилактика ишларини сифатли бажариш, ўғитлаш, суғориш тадбирларини муддатларида олиб бориш топширилган.
Изоҳ (0)