Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида суюлтирилган газ сотувидан тушган маблағларни ўзлаштирган шахслар аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Тойлоқ туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида “Тойлоқтумангаз” бўлими СУГ хизмати ходимлари И.С., К.Д., И.О. ва Ф.А. ўзаро тил бириктириб, 2023 йилнинг октябрь—ноябрь ойларида имтиёзли нархда аҳоли хонадонларига етказиб берилган суюлтирилган газ сотувидан тушган 346,9 миллион сўмни банк кассасига кирим қилмасдан, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Қашқадарёда 600 дан зиёд фуқарони қарийб 6,5 млрд сўмга чув туширган шериклар қидирилаётгани, Сурхондарёда МЧЖ раҳбари 1 млрд сўм, фермер хўжалиги раҳбари эса 900 млн сўм кредит маблағини талон-торож қилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)