Истанбулдаги суд биносига уюштирилган қуролли ҳужум оқибатида 5 киши жароҳатланди. Отишма уюштирган эркак ва аёл йўқ қилинди. Бу ҳақда Hurriyet хабар берди.
Маълум қилинишича, икки номаълум шахс Чағлаян суд биносига кираверишдаги хавфсизлик постига ҳужум қилган. Воқеа маҳаллий вақт билан соат 11:46 да (Тошкент вақти билан 13:46) содир бўлган. Отишма натижасида уч нафар полиция ходими яраланган. Қуролли ҳужумни амалга оширган аёл ва эркак эса ҳалок бўлган.
Бино яқинида бўлган одамлар ўқ овозидан ваҳимага туша бошлаган. Кўпчилик қочишга уринган, айримлар эса ерга ётган. Воқеа жойига Истанбул бош прокурори етиб келган. Суд биноси полиция томонидан ўраб олинган, барча кириш ва чиқиш эшиклари ёпилган.
Эслатиб ўтамиз, 28 январь куни Истанбулдаги католик черковида қуролланган икки киши отишма содир этиб, воқеа жойидан қочиб кетганди. Ҳужум натижасида Турсен Жиҳан исмли Туркия фуқароси вафот этган. Ҳолат юзасидан Туркия полицияси Россия ва Тожикистон фуқароларини ҳибсга олган эди.
Изоҳ (0)