Германия молия вазири ва либерал эркин демократик партия (FDP) етакчиси Кристиан Линднер мамлакат қашшоқлашиб бораётганини айтди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Амалдорнинг сўзларига кўра, Германия иқтисодий ўсишнинг етишмаслиги фонида рақобатбардошлигини йўқотди.
“Биз энди рақобатбардош эмасмиз. Иқтисодий ўсиш йўқлиги сабабли биз қашшоқлашмоқдамиз”, — деди вазир Франкфуртдаги тадбирида сўзлаган нутқида.
Линднернинг нутқидан бир неча соат олдин Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) 2024 йилда Германия иқтисодий ўсиши прогнозини эълон қилиб, уни 0,3 фоизга қисқартирган. Германияда саноат ишлаб чиқаришига оид маълумотлар шуни кўрсатадики, ҳозирда у 2008 йилги глобал молиявий инқироздан кейинги энг паст даражада.
“Ҳукумат ушбу таҳлилдан ҳеч қандай хулоса чиқармаётганини тасаввур қилиб бўлмайди”, — деди Линднер OECD прогнози ҳақида.
Вазир Германия “ижтимоий бозор иқтисодиёти”га эришиш учун меҳнат бозорининг мослашувчанлигини ошириши ва бюрократияни камайтириши кераклигини таъкидлади. Германия канцлери Олаф Шольц мамлакатдаги иқтисодий муаммоларни экспорт бозорларининг заифлашиши ва энергия нархининг ошиши билан боғлайди.
“Асосий сабаб шундаки, экспорт бозорларимизнинг бир қисми, айниқса Хитой заифлашиб бормоқда. Бу йўналиши экспорт бўлган мамлакатимиз учун ўз таъсирини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, биз юқори инфляция ва энергия нархининг ошиши билан курашмоқдамиз”, — деди у.
Изоҳ (0)