Беларусь президенти Александр Лукашенко Қуролли кучлар ички хизмати уставига ҳарбийларнинг фуқароларга қарши қурол ишлатишига рухсат берувчи ўзгартиришларни киритди.
Лукашенко ҳужжатнинг 11-моддасини ўзгартиришни буюрган. Унинг янги таҳририда ҳарбий хизматчилар ўзларига юклатилган вазифаларни бажаришда “мавжуд вазият, жиноятнинг хусусияти, маъмурий ҳуқуқбузарлик ва ҳуқуқбузарнинг шахсини ҳисобга олган ҳолда қурол ишлатиш” ҳуқуқига эгалиги ёзилган.
Ҳарбийлар қуролни ишлатиш нияти ҳақида “аниқ ва равшан” огоҳлантириш бериши керак. Қоидабузарга белгиланган талабларни бажаришда етарли вақт бериш лозим. Бироқ ҳарбийларнинг ўзи ёки бошқа фуқароларнинг ҳаётига хавф туғдирадиган ёки “бошқа оғир оқибатларга” олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар бундан мустасно.
Қуролдан фойдаланиш натижасида “фуқаронинг жароҳатлангани ёки ўлгани” тўғрисида дарҳол тегишли прокурорга, шунингдек тергов органига хабар бериш керак. Ҳарбий хизматчилар “умумий ҳарбий низомлар талабларига мувофиқ” ҳаракат қилсалар, етказилган “зарар” учун жавобгар бўлмайди.
Илгари 11-моддада “Ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний куч, махсус воситалар, қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техникани ўз ваколатлари доирасидан ташқари қўллаши қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади”, дейилган эди.
Изоҳ (0)