Хоразмда 81 туп дарахт кесган фермер хўжалиги раҳбарига жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Хоразм вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси билан ҳамкорликда вилоят ҳудудида қимматли ва кам қимматли дарахтларни кесилиши ҳамда шикастлантирилиши билан боғлиқ ҳолатларни аниқлашга қаратилган назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Тадбирлар давомида Хоразм вилояти, Гурлан туманида жойлашган “Х.О.” фермер хўжалиги раҳбари Н.Х. томонидан 81 туп табиий ҳолда ўсувчи, биологик соғлом туронғил дарахтлари ноқонуний кесилганлиги аниқланиб, табиатга 618,1 млн сўмлик зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан “Х.О.” фермер хўжалиги раҳбари Н.Х га нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)