Сирдарё туманида дарахтларнинг ноқонуний равишда кесилиши оқибатида 273 миллион сўм зарар етказилди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти экология бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 24 январь куни Сирдарё тумани “Наврўз” МФЙ ҳудудида жойлашган “Сирдарё боғлари” фермер хўжалиги дала ер майдони четида фуқаро ҳеч қандай рухсатномасиз ноқонуний равишда 14 дона манзарали дарахтни кесган. У кесилган дарахтларни “Беларусь” русумли трактор тиркамасига ортаётган вақтда давлат инспекторлари томонидан воқеа жойида қўлга олинган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 464-сонли қарорининг 4-иловаси асосида ўлчаниб ҳисобланганда уч турдаги жами 14 дона манзарали дарахтни кесиб ташлаш натижасида ўсимлик дунёсига етказилган зарар 273 миллион 360 минг сўм ҳисобланган.
Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар вилоят прокуратурасига юборилган.
Аввалроқ Хоразм вилояти Шовот туманида дарахтлар кесиб, ёқиб юборилиши оқибатида 756 миллион сўм зарар етказилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Сирдарёда ариқларни бетонлаштириш жараёнида табиатга 232 миллион сўм зарар етказилган эди.
Изоҳ (0)