Ижтимоий тармоқларда Умра амалини бажариш учун Макка ва Мадина шаҳарларига келган ҳамда Ўзбекистонга қайтиш билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келган ўзбекистонлик зиёратчилар ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси ҳолат юзасидан маълумот берди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Маълум қилинишича, ўзбекистонликларнинг сафарлари хусусий сайёҳлик компаниялари томонидан ташкил этилган. Мазкур ҳолат авиақатновларни амалга оширишдаги техник носозликлар, шунингдек, туристик компанияларнинг бу каби сафарларни ташкил этишда зарурий малака ва тажрибага эга эмаслиги туфайли юзага келган.
Ҳозирда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралар билан биргаликда фуқароларни қайтариш бўйича барча чоралар кўрилмоқда, қўшимча рейслар жадвали тузилган. 4 февраль ҳолатига кўра, зиёратчиларнинг бир қисми Ўзбекистонга қайтарилди, қолган фуқароларимиз ҳам яқин фурсатларда мамлакатга юборилади.
Ўзбекистоннинг Ар-Риёздаги Элчихонаси ва Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси вазиятни ўз назоратига олган ва доимий равишда мониторинг олиб бормоқда ҳамда юртдошларимизга зарур консуллик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдамларни кўрсатмоқда. Юқоридагилардан келиб чиқиб, фуқароларимиздан хотиржамликни сақлашга ва Саудия Арабистонидаги амалдаги қоидаларга риоя қилишларига чақирамиз, – дейилади хабарда.
Изоҳ (0)