Марказий банк бошқарувининг “Банклар ва нобанк кредит ташкилотларига нисбатан чоралар ва санкциялар қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди, деб хабар беради Norma.
Низомга кўра, чора ва санкцияларни қўллаш тўғрисидаги қарор Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан қабул қилинади. Бунда, қуйидаги масалалар бўйича қарорлар Банк назорати қўмитасининг таклифига асосан Марказий банк бошқаруви томонидан қабул қилинади:
- банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни чақириб олиш тўғрисида;
- нобанк кредит ташкилотини тегишли ташкилотлар реестридан чиқариб ташлаш тўғрисида.
Аниқланган қоидабузарликлар учун чора ва санкцияларни қўллаш муддати мазкур қоидабузарликлар аниқланган кундан эътиборан 6 ойдан ва улар содир этилган кундан бошлаб 3 йилдан ошмаслиги лозим.
Қабул қилинган қарордан норози бўлинганда у бўйича Апелляция кенгашига шикоят келтириш мумкин. Ҳужжат билан йўналишлар бўйича 12 та бўлимдан иборат бўлган чора ва жарималар рўйхати тасдиқланмоқда.
Мисол учун, истеъмолчиларга хизматлар тўғрисида тўлиқ маълумотлар тақдим этилмаганда ёки маълумотлар давлат тилида тақдим этилмаганда ҳар бир ҳолатда 2 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилади (бироқ жами аниқланган ҳолатлар учун 100 миллион сўмдан кўп бўлмаган миқдорда). Банк томонидан рухсат берилмаган фаолият билан шуғулланганлик учун 100 миллион сўм миқдорда жарима белгиланган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2024 йил 26 апрелдан кучга киради.
Изоҳ (0)