Тошкент шаҳар Чилонзор туманида фарзандини олиб қочиб, хотинидан яшириб келган эркакка жиноий иш очилди. Бу ҳақда болалар омбудсмани хабар берди.
Хабарга кўра, болалар омбудсманига 21 январь куни фуқаро (аёл) М.Т.нинг мурожаати келиб тушди. Ўз мурожаатида М.Т. собиқ турмуш ўртоғи Ж.М. билан ажрашиш жараёнида бўлиб, суд қарори билан 2 нафар фарзанди у билан, яъни онаси билан яшаб келиши белгиланган бўлса-да, собиқ турмуш ўртоғи Ж.М. доимий кузатув ва парваришга муҳтож бўлган фарзанди, 2021 йилда туғилган М.М.ни она рухсатисиз номаълум йўналишда олиб кетганини билдирган.
Бу ҳолат болалар омбудсмани, васийлик ва ҳомийлик, ички ишлар ва прокуратура органлари томонидан ўрганилди. Аниқланишича, М.Т.нинг фарзанди, 2021 йилда туғилган М.Б.га “обструктив бронхит” кассалиги ташхиси қўйилган бўлиб, у узлуксиз равишда тиббий муолажа олиши, озиқ-овқат, об-ҳаво, маиший буюмлар келтириб чиқарадиган турли аллергик асоратлардан ҳимояланиши учун доимий жиддий назоратда бўлиши лозим. Она шу даврга буён фарзандига шундай парваришни олиб борган.
2024 йил 20 январда собиқ турмуш ўртоғи Ж.М. М.Т.нинг яшаш хонадонига келиб, онаси ва боланинг ўзи қаршилигига қарамасдан, уни номаълум йўналишда олиб кетиб, ҳозирда қаердалиги, боланинг аҳволи қандай экани ҳақида онасига бирор хабар бермаган ҳамда ўзини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаган фарзандининг соғлиғини хавф остига қўйиб, яшириб келган.
Шунингдек, Ж.М. васийлик ва ҳомийлик органи, терапевт-шифокор ва бошқа мутасадди орган вакиллари томонидан боланинг аҳволини аниқлаш ва унга зарур бўлган тиббий кўмак чораларини кўрсатишга тўсқинлик қилган. 29 январь куни Чилонзор тумани Тергов бўлинмаси томонидан Ж.М. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 117-моддаси 1-қисми (хавф остида қолдириш) ва 137-моддаси 2-қисми (одам ўғирлаш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)