Тошкент шаҳар Олмазор туманида 10 яшар фарзандига автомобиль бериб қўйган отага чора кўрилди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.
Айтилишича, тармоқларда Matiz’ни вояга етмаган мактаб ўқувчиси бошқаргани акс этган видео тарқалган. Ҳолат ИИББ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ўрганилган. Мазкур ҳаракатларни Олмазор туманида яшовчи 10 ёшли бола содир этгани аниқланди.
Қоидабузарнинг отасига фарзандининг хатти-ҳаракати юзасидан профилактик суҳбат ўтказилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 2-қисми (транспорт воситаларининг бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг шу воситаларни бошқариши, шунингдек, бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқаришнинг топширилиши) ҳамда 47-моддаси (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Машина эса вақтинчалик сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилди.
Изоҳ (0)