Шавкат Мирзиёев 25 январь куни Шэньчжэнь шаҳрида Гуандун музофоти партия қўмитаси котиби Хуан Кунмин билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Учрашувда музофот билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни, энг аввало, юқори технологик тармоқларда кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди. Куни кеча ХХР раиси Си Цзиньпин билан сермаҳсул музокаралар ўтказилгани, улар доирасида ҳудудлараро алоқаларни янада кенгайтириш масаласи қўллаб-қувватлангани мамнуният билан қайд этилди.
Саноат кооперациясини чуқурлаштириш, шу жумладан, Гуандун етакчи компаниялари учун Ўзбекистон ҳудудларида ихтисослаштирилган юқори технологик парклар ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
24 январь куни бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувда ташкил этилиши келишиб олинган Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари кенгаши фаолиятида Гуандун муҳим ўрни тутиши таъкидланди.
Ўзбекистон музофот ҳудудида жойлашган Huawei, BYD, ZTE ва бошқа илғор компаниялар билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлиги қайд этилди.
Гуманитар алоқалар ва ишбилармонлик алмашинувларини фаоллаштириш мақсадида IT таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш ва тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
- Гуандун — Хитойнинг энг ривожланган ҳудудларидан бўлиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб 10 фоизини шакллантиради ва бу кўрсаткич бўйича етакчилик қилади.
- Музофот Ўзбекистон ҳудудларининг энг йирик иқтисодий шеригидир.
Изоҳ (0)