Тансу Чиллер — Туркиянинг биринчи ва ҳозирга қадар ягона аёл бош вазири. Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, бир неча тилда бемалол гаплаша оладиган Чиллер мамлакат обрўсини халқаро майдонда кўтаришга эришди. Аммо коррупцион можаролар сабаб у лавозимдан кетишга мажбур бўлади. Онаси Истанбулдаги эски квартирада кун кечираётган бир пайтда сиёсатчи қиммат брендларнинг кийим-кечаклари ва хориждаги ҳашаматли виллалар учун пул сарфларди. Қуйида кўплаб эркакларнинг севимли сиёсатчиси бўлган Чиллер ҳақида ҳикоя қиламиз.
“Хайрли кун, хонимлар ва жаноблар. Бугун бош вазир Чиллерни Вашингтонда кутиб олиш шарафига муяссар бўлдим. У талабалик йилларидан буён мамлакатимизни яхши билади, бир неча бор бу ерга келган. Муносабатларимизни мустаҳкамлаш ва Қўшма Штатлар ҳамда Туркия ўртасида шериклик муносабатларини ривожлантиришда бирга ишлашга келишиб олдик”, — деганди АҚШнинг 42-президенти Билл Клинтон.
Унинг Туркия ҳукумати раҳбари билан юзма-юз учрашуви анча узоқ давом этганди — иккала делегация ҳам хавотирга туша бошлайди. Хонадан чиқар экан президент ёрдамчиларига қарата шундай дейди: “У жуда шаддод аёл экан”. Туркия томони буни хушомад сифатида қабул қилади.
Тансу Чиллер доимо эркаклар томонидан эътироф этиб келинган: чиройли, ақлли, зиёли, жасур. “Мен ҳеч қачон ўзим иштирок этган йирик жангда мағлубиятга учраган эмасман”, — деганди у телевизион дебатларнинг бирида. Ушбу воқеадан тўққиз кун олдин у “Тўғри йўл” консерватив партияси етакчисига айланган эди.
“Онам келди”
Тансу Чиллер Истанбулда ўрта синф оиласида дунёга келди. Отаси журналист эди, кейинроқ Билежик вилояти губернаторига айланди. Ота-она қизига яхши таълим беради: аввалига у Америкадаги аёллар коллежи ҳузуридаги Иқтисодиёт мактабини тамомлайди, кейин эса Истанбулдаги Босфор университетининг иқтисодиёт факультетида ўқийди. Шундан кейин Тансу АҚШга йўл олиб Коннектикут университетида номзодлик даражасини олади ва Йель университетида докторлик диссертациясини ҳимоя қилади.
Бундан ташқари, бўлажак сиёсатчи Ланкастердаги Франклин ва Маршалл коллежида иқтисоддан дарс беради. Кейинроқ Истанбулга қайтади ва 36 ёшида мамлакатдаги нуфузли Босфор университетининг энг ёш профессорига айланади.
Аёл катта сиёсатга 1990 йилда кириб келади ва орадан уч йил ўтиб мамлакатни бошқаришни бошлайди. Унинг сиёсий устози “баба” (ота) деб чақирилган Сулаймон Демирел ҳисобланади. Чиллер тарафдорлари шаҳар кўчалари бўйлаб “Ота кетди, она келди” ёзуви туширилган плакатларни илиб чиққанди ўшанда.
“У мамлакатини кейинги юз йилликка олиб киришга энг яхши номзоддек эди: иқтисодчи, инглиз тилида эркин гаплаша олади, мусулмон давлатида туғилган бўлса-да ашаддий секуляр”, — деб ёзганди ғарб ОАВ Тансу Чиллер ҳақида.
Дипломатлар одатда ихтисослиги иқтисодчи бўлган бош вазирга ташқи сиёсат бўйича тажриба етишмаслиги, у кун тартибига киритилмаган ҳар қандай масалага сабрсиз муносабатда бўлишидан шикоят қиларди. Халқаро муносабатлардаги тажрибасизлик Чиллерга Европа давлатлари етакчилари билан яхши муносабат ўрнатишга халақит қила олмайди: у Франция президенти Франсуа Миттерандан Парижга, Британия бош вазири Маргарет Тетчер томонидан эса Лондонга шахсан таклиф этилади.
Чиллер бошқаруви давомида Туркия Европа Иттифоқи билан жуда яқин муносабат ўрнатди. Анқара ва Брюссел божхона битимини имзолади. Тансу, шунингдек, АҚШ ва Европа Курдистон Ишчи партиясини террорчилик ташкилотлар рўйхатига киритишга эришди.
Унинг энг асосий ютуқларидан бири сифатида турк армиясини модернизация қилгани эътироф этилади. Бунга қадар аскарлар Иккинчи Жаҳон урушидан қолган эски қуроллардан фойдаланар эди, Чиллер даврида эса Туркия Қуролли Кучлари замонавийлашди.
Ҳашаматга бўлган қизиқиш
Тансунинг шахсий ҳаёти ҳам яхши кечди. Бўлажак турмуш ўртоғи билан у ўсмирлик давридаёқ танишган эди. Айнан ўша вақтда у Туркияда ҳозирга қадар қоралаб келинадиган ишни амалга оширади — эрини тўйдан кейин ўз фамилиясига ўтишга кўндиради. Шундай қилиб Эзер Учуран Эзен Чиллерга айланади.
Бутун Туркия устидан кулаётган турмуш ўртоғини хафа қилмаслик мақсадида Чиллер доим оиладаги энг муҳим қарорни эри қабул қилишини таъкидлаб келарди. “Менга ҳукуматни шакллантириш топширилди. Аммо эрим олдингидек уйимизда оиламиз боши”, — дерди сиёсатчи.
Эзернинг ўзи эса жуда олийжаноб оиладан эди. Аждодлари орасида Али Жамол Афанди Сулаймон I даврида Шайх ул-ислом бўлган. Шундай бўлса-да, Эзер рафиқасининг соясида қолишни маъқул кўрарди.
Аввалига эркак Истанбул Банкаси — мамлакатдаги энг йирик хусусий банклардан бирининг бош директори бўлади. Чиллерлар оиласи ушбу ташкилот ссуда ажратадиган камида саккизта компанияни таъсис этади. Аммо тез орада барча битимлар шубҳали дея тан олинади.
Банк банкротликка учрагач, оқибатларни бартараф этиш учун ҳукумат мамлакат бюджетининг икки фоизини ажратишга мажбур бўлади.
Шундан сўнг Эзер бизнес билан шуғулланишни бошлайди. Жамоатчилик Чиллерлар жуда тез мултимиллионерга айланганликларига эътибор қаратади. Бош вазир катта пуллар — миллион доллардан ортиқ маблағ ва олтинлар 1995 йилда вафот этган онасидан мерос бўлиб қолгани, кейин эса уни тўғри йўналтирганини таъкидлаб келарди.
Шунда журналистлар Муаззез Чиллер яшаган уйни қидириб топади ва қўшнилари билан суҳбат қуради, улар эса ўз навбатида бошқа ҳикояни айтади. Қўшниларнинг сўзларига кўра, Тансу Чиллер доим дид билан кийинган ва қиммат кийимларга кўп пул сарфлаган. Ёшлигида у колготкаларнинг ўзига ойига 400 доллардан ортиқ пул ишлатгани ҳақида миш-мишлар юради. Аммо шу билан бирга, Тансунинг онаси жуда қашшоқ кун кечирган, шундай экан унинг бунча маблағ тўплаши даргумон эди.
“Бу аёл касал эди, яхши овқатланмасди. У билан дўконга борар, идиш-товоқларни ювардик, овқат тайёрлашга ёрдам берардик. Ижара ҳақини доим кеч тўлагани сабаб уй эгаси билан кўпинча муаммога дуч келиб турарди”, — дейди Муаззез Чиллернинг қўшниси Тhе New York Times’даги мақолада.
Кўп ўтмай бошқа фактлар ҳам юзага чиқа бошлайди. Аниқланишича, бош вазир ва унинг турмуш ўртоғи Туркия ва АҚШда кўчмас мулкларга эгалик қилган. Масалан, 1992 йилда жуфтлик Нью-Гемпширдаги ҳашаматли виллани 1,5 миллион долларга сотиб олади. Бундан ташқари, оила АҚШдаги катта савдо марказига эгалик қиларди. Ҳатто Тансуда Америка фуқаролиги борлиги ҳақида миш-мишлар юрарди, аммо Чиллернинг ўзи буни рад этган.
“Қуриган атиргул”
Сиёсатчи 1993 йилдан 1996 йилга қадар ҳокимият тепасида бўлган вақтида давлат маблағларини ноқонуний равишда ўзлаштирганликда гумон қилинади. Тергов давомида парламент комиссияси Тансу Чиллер ўз хоҳиши билан тақдим этган махфий солиқ декларациялари ва молиявий ҳужжатларни эълон қилади.
Охир-оқибат, 300 саҳифада эълон қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиққан комиссия бош вазир ҳеч қанақа қонун бузилишига йўл қўймаган деган хулосага келади. Сиёсатчидан барча айбловлар олиб ташланади ва у жиноий таъқибдан қутулади.
Аммо Чиллернинг рейтинги тушиб кетади, ОАВда чоп этилган кейинги мақолалар ҳам унга қаттиқ зарба беради. Тансу 1995 йилда Озарбайжонда президент Ҳайдар Алиевни ҳокимиятдан кетказиш бўйича уюштирилган тўнтаришга алоқадорлиги ҳақида маълумот тарқалади. Бу маълумотлар ҳам ўз тасдиғини топмаган.
Шу билан бирга, Чиллер яна коррупцияда айблана бошлайди — бу сафар турк ҳукуматининг махфий жамғармасидан 50 миллион доллар йўқолганлигида. Буни исботлашга ҳам бирор далил топилмайди. Чиллер 1997 йилдагина ҳарбий тўнтариш натижасида ҳокимиятдан четлатилади.
“Тансу Чиллер барча секуляр турклардан ҳам ишончлироқ”, — дейишарди мамлакатда. Юртдошлари уни Истанбул атиргули деб атаган: чиройли, бироқ баъзида тиканлари бор. Аммо коррупцион можаролар сабаб турклар ўзининг босиқ бош вазири ҳақида эслашни ҳам хоҳламайди. “Атиргул қуриб қолди”, дея хотирлайди айримлар.
Айни вақтда Тансу Чиллернинг ҳаёт тарзи ҳақида кўпчиликда маълумот йўқ. Севимли рафиқа ва икки боланинг онаси сиёсатдан кетганига анча бўлди, ҳозирда у Босфор соҳилидаги уйида яшаб келади. Истанбулнинг бу қисмидаги уйлар 10 миллиондан 100 миллион долларгача баҳоланади.
Замонавий кошоналар Усмонлилар даврига тегишли қасрлар билан ёнма-ён жойлашган. Айрим тарихий бинолар XVII асрда қурилган. Маҳаллий аҳоли шаҳарнинг энг яхши ресторанлари ва дўконларига боради.
Чиллернинг қўшнилари Forbes рўйхатига киритилган бизнесменлар, шунингдек, композитор Сезен Аксу, актриса Берен Саат, қўшиқчи Кенан Догулу каби Туркиянинг энг бадавлат инсонларидир.
Изоҳ (0)